Ўзбекистон Президенти жиноятларни фош қилиш бўйича ишларни танқид остига олди
Тошкент. 18 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 17 август куни Тошкентда ички ишлар органлари тизимида олиб борилаётган ишларнинг аҳволи, муаммолар ва келгусидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиша жиноятларни фош қилиш бўйича ишларни танқиб остига олди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Йиғилишда жиноятларни фош этиш, жиноятчиларни топиш ва ушлаш борасидаги ишлар танқид қилинди. “Бугунги кунда 3 минг 186 жиноят фош этилмаган, қидирув эълон қилинган 15 минг 958 жиноятчидан атиги 5 минг 250 нафари ушланган. Уларнинг эркинликда юриб қайтадан жиноятга қўл урмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шу боис Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Олий суд тегишли ташкилотлар билан биргаликда бу соҳада ички ишлар органлари томонидан амалга оширилаётган ишларни танқидий таҳлил қилиб, ахборот бериши белгиланди”, - дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарида.
Президент Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, барча камчиликлар замирида аввало, ички ишлар органларида кадрлар танлаш, жой-жойига қўйиш, қайта тайёрлаш бўйича ишлар аҳволининг қониқарсизлиги билан боғлиқ. Жорий йилда ички ишлар органлари ходимларига нисбатан 223 та жиноят иши қўзғатилгани, 462 ходим интизомий жазога тортилгани бунинг яққол тасдиғидир.
Шу билан бирга, ички ишлар органлари ходимлари содир этган жиноятларни яшириш, рўйхатга олмаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Бу қоғозда жиноят кўрсаткичларини сунъий равишда пасайтиришга, ўз ходимларини ҳимоялашга уринишдан бошқа нарса эмас.
“Соҳада кадрлар масаласини самарали ҳал қилиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ички ишлар академиясига ўқишга кириш учун тест синовлари бекор қилиниб, янги тартиб белгиланди. Унга кўра, Ички ишлар вазирлигининг олий таълим муассасаларига номзодларни мақсадли тайёрлайдиган академик лицейлар ташкил этилади. 2020 йилдан бошлаб тингловчилар ўқишга мана шу лицейлар битирувчилари ва ички ишлар органлари ходимлари орасидан суҳбат ва касбий танлов асосида қабул қилинади”, - дея таъкидланади хабарда.