Ўзбекистон президентига қиймати $1,7 млрдлик йирик кимё ишлаб чиқариши лойиҳалари тақдим этилди

Дата: 10:30, 20-04-2018.

Тошкент. 20 апрел. ЎзТАГ – 19 апрелда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Навоийазот” АЖда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар билан танишди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, “Навоийазот” акциядорлик жамиятиЎзбекистон кимё саноатининг энг йирик корхонасидир.

“Бу ерда қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Булар “Поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш”, “Аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш қувватларини қуриш” ва “Азот кислотасини ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаларидир.

“Умумий қиймати 1,7 миллиард доллар бўлган ушбу қувватлар Хитой, Япония ва Швейцария билан ҳамкорликда барпо этилмоқда”, - дейилади хабарда.

Биринчи лойиҳа Хитойнинг “China CAMC Engineering CO. Ltd” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. У мамлакатимиз кимё саноати учун янги турдаги маҳсулотлар – 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода ва 300 минг тонна метанол ишлаб чиқариш имконини беради. Ушбу мажмуа ишга туширилгач, 900дан ортиқ иш ўрни яратилади.

Япониянинг “Mitsubishi Corporation” ва “Mitsubishi Heavy Industries Ltd.” компаниялари билан ҳамкорликдаги иккинчи лойиҳа доирасида эскирган, кўп энергия талаб қиладиган ускуналарни замонавийсига алмаштирилади. Мажмуада йилига 660 минг тонна аммиак ва қарийб 580 минг тонна карбамид ишлаб чиқарилади. Бугунги кунда бу ерда замонавий техникалар жалб этилган ҳолда 40 та асосий объект қурилиши давом этмоқда.

Швейцариянинг “CASALE SA” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган учинчи мажмуа 500 минг тонна харидоргир маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради.

Сурат манбаи: https://nuz.uz/ekonomika-i-finansy/12248-uzbekistan-prodast-inostrancam-gosaktivy-v-pyati-himpredpriyatiyah-za-385-mln.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: