Ўзбекистон президентининг махсус вакили ГФР элчиси билан учрашди
Тошкент. 31 октябр. ЎзТАГ – 30-октябр куни Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев Германия Федератив Республикаси Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Гунтер Оверфелд билан учрашди. Бу ҳақида ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги Афғонистон йўналиши бўйича ҳамкорликнинг истиқболлари, Афғонистондаги муаммоларни тинчлик йўли билан ҳал қилишга иқтисодий ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Эслатиб ўтамизки, 13 сентябрда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатда дипломатик миссиясини якунлаган Найтхарт Хефер-Виссингни қабул қилган эди. 27 сентябрда ўзбек ташқи сиёсий муасасаси раҳбари ГФРнинг янгидан тайинланган элчиси Гюнтер Оверфелддан ишонч ёрлиқлари нусхасини қабул қилди.
Немис дипвакиллиги раҳбари изоҳларидан бирида “Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги иккитарафлама муносабатлар жадал ўсмоқда”, деб таъкидлади. “Айни пайтда ҳар икки давлат ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор ва уни янги даражага кўтаришга интилмоқда. Биз учун юқори иқтисодий ўсиш салоҳиятига эга бўлган бозорларга сармоя киритиш жуда муҳим”, - деб айтиб ўтди Оверфелд.


