Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати Ислом Каримовнинг Хитойга давлат ташрифи ҳақидаги маълумотни тасдиқлади

Дата: 11:51, 19-08-2014.

Тошкент. 19 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати Ислом Каримовнинг Хитойга давлат ташрифи ҳақидаги маълумотни тасдиқлади, дея хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу тўғрисидаги маълумот давлат раҳбари матбуот хизматининг сайтида  жойлаштирилган.

Хабарга мувофиқ, “Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 2014 йил 19-20 август кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади”.

“Хитой раҳбарияти билан учрашувлар чоғида ўзаро муносабатларнинг бугунги аҳволи ва истиқболи муҳокама этилиб, Ўзбекистон ва ХХР ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашнинг асосий йўналишлари бўйича атрофлича фикр алмашилади. Томонлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга долзарб масалаларни ҳам кўриб чиқадилар”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, “Олий даражадаги музокаралар якунида Қўшма декларация қабул қилиш, Ўзбекистон ва Хитойнинг турли соҳалардаги ҳамкорлигини изчил ривожлантиришга қаратилган ҳукуматлараро ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган”.

Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, бугун И.Каримов Хитойга жўнаб кетган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: