Ўзбекистон Профессиональ футбол лигасининг янги бош директори тайинланди
Тошкент. 12 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Профессиональ футбол лигасининг янги бош директори тайинланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Футбол федерацияси маълумотларига кўра, 10 октябрда Ўзбекистон Футбол Федерацияси мажлислари залида навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтди. Унинг кун тартибидан Ўзбекистон Профессиональ футбол лигаси раҳбариятидаги ўзгаришлар масаласи ўрин олди.
“Шу вақтга қадар ЎзПФЛ Бош директори лавозимида ишлаб келган Фарҳод Магаметов ўз вазифасидан озод этилди. Унинг ўрнига Омон Ғофуров ЎзПФЛ Бош директори этиб тайинланди”, - дейилади хабарда.
Бундан олдин О.Ғофуров турли спорт ташкилотларида, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигида турли лавозимларда ишлаган.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Профессиональ футбол лигаси жамоат ташкилоти бўлиб, Олий ва Биринчи лиганинг барча футбол клублари, спорт ҳакамлари, тренер ва спортчилар, шунингдек, республика футболи ривожидан манфаатдор фуқароларни бирлаштиради.
Ўзбекистон Футбол федерацияси шафелиги остида республика мусобақаларини ташкил қилади ва ўтказади, спорт фаолиятини мувофиқлаштиради. Бунда ташкилот мамлакат қонунчилиги, ФИФА, Осиё футбол конфедерацияси, Ўзбекистон Футбол федерацияси ҳужжатларига амал қилади.