Ўзбекистон прокуратураси ходимлари раҳбарнинг оммабоп бўлмаган қарорлари психологиясини ўргандилар
Тошкент. 1 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Бош прокуратураси Олий ўқув курсларида “Раҳбарнинг оммабоп бўлмаган қарорлари психологияси” мавзусида масофавий маъруза ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бош прокуратурадан маълум қилишларича, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Ижтимоий психология кафедраси профессори, психология фанлар доктори Базаров Тохир Юсуповичнинг масофавий маърузаси видеоконференцалоқа шаклида ўтказилди.
Мазкур вебинар прокуратура органлари ходимларининг бошқарув, ижтимоий, мослашувчанлик кўникмаларини (“soft skills”) оширишга йўналтирилди.
Маъруза доирасида раҳбарнинг бошқарув психологияси, қарорларни қабул қилиш технологияси, уларнинг ходимга таъсир этиши, қабул қилинаётган қарорларнинг ходим психологик ҳолати билан ўзаро боғлиқлиги масалалари ёритилди.
Тадбирда 150 тадан ортиқ иштирокчилар, жумладан, Олий ўқув курслари профессор-ўқитувчилари, раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курси тингловчилари, шунингдек, Бош прокуратура таркибий тармоқлари ходимлари қатнашдилар.
Салбий қарорларнинг оқибатларини юмшатиш бўйича стратегиялар ҳамда ўйлаб топилган вазиятларга оид кейслар таҳлили иштирокчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Вебинар сўнгида иштирокчиларга келгусида мавзуни янада чуқур ўрганиш учун адабиётлар ва зарурий онлайн-ресурслар рўйхати тақдим этилди.
Сурат манбаи: http://www.prokuratura.uz/ru/region/about_courses/about_courses/