Ўзбекистон пул белгиларининг сифатига “олтин” сертификат берилди
Тошкент. 8 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон пул белгилари халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқарилади. Бу ҳақида “Давлат Белгиси” ДИЧБга ISO 9001 бўйича “олтин” мувофиқлик сертификати топширилганлиги гувоҳлик беради, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“CERT International” сертификатлаш органидан хабар қилишларича, олтин сертификат германиянинг “TUV International Certification” сертификатлаш органи вакиллари томонидан 4 июл куни “Давлат Белгиси” бирлашмаси ва Босма фабрика директорига топширилган.
Ўзбекистон Марказий банки ҳузуридаги “Давлат Белгиси” бирлашмаси мамлакатдаги банкноталар, паспортлар, ҳимояланган қоғозлар ва бошқа давлат аҳамиятига эга хужжатларни ишлаб чиқариш бўйича ягона корхонадир.
ISO 9001 бўйича менежмент тизими барча жараёнларни тизимлашга имкон беради, шунингдек, ходимлар масъулиятини оширади.