Ўзбекистон раҳбари АҚШ президентига ҳамдардлик билдирди

Дата: 12:28, 03-10-2017.

Тошкент. 3 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Доналд Трампга Лас-Вегасдаги фожеа муносабати билан ҳамдардлик мактуби йўллади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида 2 октябрда Ўзбекистон ТИВ хабар қилди.

“Лас-Вегас шаҳрида кўплаб инсонлар ҳалок бўлишига олиб келган тинч аҳоли оммавий ўққа тутилиши ҳақидаги аянчли хабар бизни қаттиқ қайғуга солди”, - дейилади Ш.Мирзиёевнинг мактубида.

Ўзбекистон раҳбари АҚШ Президентига самимий ҳамдардлик билдирди ва нобуд бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамда жароҳат олганларга далда сўзларини етказишни сўради.

Эслатиб ўтамизки, фожеа 1 октябрда Лас-Вегасдаги (Невада штати) Mandalay Bay савдо-кўнгилочар мажмуидаги концертда юз берди. Маълумотларга кўра, 64 ёшли Стивен Пэддок меҳмонхона 32 қавати балконидан туриб одамларни ўққа тутган ва полициячилар етиб келганга қадар ўз жонига қасд қилган.

Натижада 59 киши ҳаётдан кўз юмди. 527 киши яраланди. шаҳар шерифи Жозеф Ломбардога кўра, жиноятчининг уйидан 18 та қурол-яроғ ва портловчи моддалар топилган.

Америка журналистлари воқеани АҚШ янги тарихидаги энг қонли қотиллик деб атадилар. Бунга қадар ушбу ном 2016 йилда Орландодаги (Флорида штати) Puls тунги клубидаги воқеага тегишли эди. Ўшанда 49 киши ҳаётдан кўз юмган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: