Ўзбекистон рақобатни ривожлантириш бўйича жанубий корейс тажрибасини ўзлаштирмоқда

Дата: 12:07, 02-10-2015.

Тошкент. 2 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон вакиллари Жанубий Кореяда бўлиб ўтган рақобатни ривожлантириш ва макроиқтисодий ўсишга бағишланган халқаро семинарда иштирок этдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тадбир Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги ва Корея Одил савдо бўйича комиссияси томонидан ташкил этилган бўлиб, унда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон молия вазирлиги вакиллари қатнашдилар.

“Мутахассислар семинарда рақобат ва макроиқтисодий ўсиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, монопол корхоналар фаолиятини тартибга солиш тизимини ислоҳ қилиш, электрон савдоларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби масалалаларни муҳокама қилдилар”, – деб таъкидлашди Молия вазирлиги матбуот хизматида.

Тингловчилар монопол ташкилотларни қўшиш ва халқаро картель иштирокчилар ўртасидаги келишиб олинган битимлар, тендер савдоларини ўтказишда рақобат масалаларига алоҳида эътибор бердилар.

Бундан ташқари, тадбирда турли давлатдан ташриф буюрган иштирокчилар рақобат ва нархларни давлат томонидан тартибга солиш соҳасида тажриба алмашишди. Жанубий Кореялик экспертлар истеъмолчи ва рақобат сиёсати соҳасида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар бердилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: