Ўзбекистон Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлари ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олдилар
Тошкент. 30 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири Рустам Жўраев ва Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазири Владимир Пучков иккитомонлама ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Учрашув Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва бартараф этиш масалалари билан шуғулланувчи идоралар раҳбарларининг тўққизинчи йиғилиши доирасида бўлиб ўтди.
Учрашув давомида, Р.Жўраев Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада кенгайиб, мустаҳкамланаётганлиги, хусусан, 1998-йилнинг май ойида икки давлат Ҳукуматлари ўртасида фуқаро мудофааси ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олидини олиш ва оқибатларини бартараф этиш соҳасидаги ҳамкорликка оид келишув имзоланганидан кейин анча кенгайганини таъкидлаб ўтди.
2001-йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ходимлари Россия Федерацияси Фуқаро муҳофазаси академиясида таълим олиб, вазирликнинг масъул лавозимларида хизмат қилмоқдалар.
Учрашув давомида, иккитомонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида Ўзбекистон вакиллари томонидан инструктор-қутқарувчиларнинг малакасини ошириш, соҳа бўйича ҳамкорликда илмий-тадқиқотлар олиб бориш, ўқув муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ўртасида тажриба алмашиш ва бошқа соҳаларида тажриба алмашишга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, Россия Федерацияси ҳудудида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида фавқулодда вазиятлар содир бўлганда, уларга зарурий ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этиш мақсадида, РФ Фавқулодда вазиятларда бошқарув миллий маркази ва Ўзбекистон ФВВ Фавқулодда вазиятларда бошқарув маркази ўртасида янада фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш заруриятига эътибор қаратилди.
Учрашув якунида тарафлар ўртасида 2018-2019 йилларга мўлжалланган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича тадбирлар режаси имзоланди.