Ўзбекистон Россиядан пул ўтказишлар бўйича етакчи учталикка кирди
Тошкент. 11 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Россиядан пул ўтказишлар бўйича етакчи учталикка кирди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“2014 йил якунлари бўйича Россиядан пул ўтказишлари бўйича асосий йўналишлар Ўзбекистон ва Тожикистон бўлиб, улар ҳиссасига ялпи ўтказмаларнинг 50% тўғри келди. Айни пайтда Ўзбекистонга ўтказмалар ҳажми 10% пасайди. Бунинг асосий сабаби рубл курсининг доллар ва еврога нисбатан тушиб кетиши бўлди”, – дейилади TMT Консалтинг ва CONTACT тўлов тизимининг таҳлилий маркази томонидан 2014 йил якунлари бўйича тайёрланган тадқиқотда.
2015 йилда МДҲ мамлакатлари бозор динамикаси биринчи навбатда миграция оқимлари, рубл қийматининг етакчи дунё валюталарига нисбатан ўзгариши билан белгиланади. 2014 йил ва 2015 йил январ-февралидаги миграция фаоллиги таҳлили, шунингдек, унга таъсир қилувчи омилларни ўрганиш жорий йилда Россияда бўладиган хорижий фуқаролар сонининг 8% қисқаришини кутишга имкон беради. Буни ҳисобга олган ҳолда жорий валюта курсининг сақланиб қолиши 2015 йилда трансчегара ўтказмалари бозорининг 25-30% ёки $18-19 млрдга қадар қисқаришини кутиш мумкин.


