Ўзбекистон Россияга мева-сабзовот маҳсулотлари экспортини икки бараварга ошириши мумкин

Дата: 21:23, 07-08-2014.

Тошкент. 7 август. ЎзТАГ – 2016 йил охирига қадар Ўзбекистон Россияга мева-сабзовот маҳсулотлари экспортини икки бараварга оширган ҳолда, 500 минг тоннага етказиши мумкин, деб хабар қилди РИА Новости республика Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги вакили Олимбой Ортиқовга асосланган ҳолда.

Ўтган йилиЎзбекистондан Россияга мева-сабзовот маҳсулотлари экспорти ҳажми 200 минг тонна ёки $300 млнликни ташкил қилди, бу йилда эса у яна 50-70 минг тоннага ошган ҳолда, $400 млнгача етиши мумкин, деб аниқлаштирди Ортиқов. Унинг тахминларига кўра, Россияга сабзоват ва мевалар экспорти ҳажми ушбу маҳсулотлар ялпи экспортининг тахминан 80% ташкил этади.

“Ўтган йилнинг ўзида мамлакатимиз ушбу маҳсулотлар экспорти бўйича Польша, Испания, Аргентина, Марокко ва Италия каби йирик етказиб берувчилардан ўзиб кетди”, – деди вазирлик вакили.

Эслатиб ўтамизки, чоршанба куни РФ президенти Владимир Путин бир йил давомида Россияга ушбу мамлакатга қарши санкциялар жорий этган давлатлардан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, хом-ашё ва озиқ-овқатлар экспортини таъқиқлаб қўйди. Ҳукуматга чеклов жорий этиладиган маҳсулотлар рўйхатини тузиш ҳам топширилди.

2013 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда мева-сабзовот маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,4% ошиб, 10,6 млн тоннага, полиз маҳсулотлари етиштириш 1,57 млн тоннага (+10,3%), узум етиштириш 1,3 млн тоннага (+9,2%) етди. Турли баҳоларга кўра шундан фақат 500-700 минг тоннаси МДҲ мамлакатлари, асосан Россия ва Қозоғистонга экспорт қилинади, деб ёзади агентлик.

Янгилик билан ўртоқлашиш: