Ўзбекистон РТХАБ экспорт ҳафталик савдо ҳажми 6 бараварга ўсди

Дата: 16:25, 01-04-2014.

Тошкент. 1 апрель. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республика товар хом-ашё биржасида (РТХАБ) ҳафталик савдолари натижасида экспорт ҳажми ўтган ҳафтадагига қараганда 6 бараварга ўсди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Биржанинг валютага савдо қиладиган савдо майдончасидаги ялпи экспорт миқдори
$5,9 млнни ташкил қилди. РТХАБдан хабар беришларича, валюта майдончасидаги ушбу натижа йил бошидан бери энг юқори кўрсаткичдир.
Ҳисобот ҳафтасида экспорт биржа савдоларида 13 хорижий компания қатнашди ва улар нефт маҳсулотлари, суюлтирилган газ, полиэтилен, цемент ва минерал ўғитлар сотиб олдилар.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи маҳсулотига талаб катта бўлди. Унинг ҳисобига $4
млнлик савдо тўғри келди ва бу экспорт улушининг 70% ташкил этди. Завод томонидан 6 минг тонна саноат мойлари ва 600 тонна турли нефт маҳсулотлари сотилди.
Суюлтирилган газга бўлган катта талабни ҳам алоҳида қайд этиш мумкин. Ҳисобот даврида жами $1 млндан ошиқ суммага суюлтирилган газ сотилди. Бу, ўтган ҳафтадаги натижага қараганда уч баравар кўп демакдир. Газ “Shortan Gaz Mahsulot” МЧЖ томонидан сотувга қўйилди.
Шунингдек, полиэтилен бозорида сотувлар ўсганлиги қайд этилди. Ҳафта давомида ушбу маҳсулотдан 450 тонна сотилди. Полиэтиленнининг умумий экспортдаги улуши 11% тенг бўлди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: