Ўзбекистон саёҳатлар учун Марказий Осиёнинг энг хавфсиз мамлакати деб топилди

Дата: 11:57, 27-11-2018.

Тошкент. 27 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон саёҳатлар учун Марказий Осиёнинг энг хавфсиз мамлакати деб топилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“International SOS ва Control Risks компанияларининг экспертлари 2019 йил учун туристларга хавфлар баҳоланган харитани туздилар. Ўзбекистон саёҳатлар учун Марказий Осиёнинг энг хавфсиз мамлакати деб топилди”, - дейилади Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг хабарида.

Қайд этилишича, бу ерда туристлар учун хавфлар даражаси кўпчилик Евроиттифоқ мамлакатларида бўлгани каби етарлича пастдир.

Шу билан бирга, Фарғона водийси “юқори хавф даражаси” тоифасига киритилган. Экспертларнинг фикрига кўра, бу тоифага ҳукуматга қарши оммавий чиқишлар бўлиши, улар давомида хорижликларга хужум қилиниши, ёки жиноятчиликнинг юқори даражаси бўлиши, ёхуд этник ва диний асосда тўқнашувлар бўлиши мумкин бўлган мамлакат ёки алоҳида ҳудудлар киритилади. Бундан ташқари, сайёҳлар учун “юқори хавф даражаси” Афғонистон билан чегарадош Сурхандарё вилоятида ҳам мавжуд.

Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари (Афғонистондан ташқари) “ўртача хавф даражаси” тоифасига киритилган. Масалан, ушбу тоифага Россия, Ҳиндистон, Туркия ва Исроил кирган. “Юқори хавф даражаси” Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош туманлари ва Қирғизистон жанубида ҳам қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, International SOS – дунёдаги энг йирик тиббиёт ва туристик хизматлардан бири бўлиб, жаҳоннинг 92 мамлакатида фаолият юритади.

Сурат манбаи: https://www.gazeta.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: