Ўзбекистон Сенати 2019 йилги давлат бюджетии ЯИМ 1,1% тақчиллик билан тасдиқлади

Дата: 12:47, 14-12-2018.

Тошкент. 14 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Олий Мажлисининг Сенати 17 ялпи мажлисда 2019 йилги давлат бюджетии япи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 1,1% миқдоридаги тақчиллик билан тасдиқлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Юқори палата ахборот хизмати маълумотларига кўра, парламент аъзолари ишни Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисидаги масалани кўриб чиқишдан бошладилар.

Қайд этилишича, 2019 йилда Давлат бюджети даромадлари 102,6 трлн сўм миқдорида прогноз қилинмоқда (2018 йилга нисбатан 38% ўсиш). Давлат бюджети харажатларининг умумий суммаси 107,1 трлн сўмни ёки жорий йилга нисбатан 36,4%га кўпроқни ташкил этади.

Бунда ижтимоий соҳага Давлат бюджетидан сарфланадиган харажатлар 57,8 трлн сўмдан ортиқни ёки барча харажатларнинг 54%ни ташкил этади (2018 йилга нисбатан ўсиш – 34,4%). Бунда таълимга сарфланадиган харажатлар аввалги йилга нисбатан 25,5%га ошади ва 28,4 трлн сўмни ёки барча харажатларнинг 49%ини ташкил этади. Соғлиқни сақлашга сарфланадиган харажатлар 2018 йилга нисбатан 30,5%га ошади ва 12,1 трлн сўмни ёки барча харажатларнинг 11,3%ини ташкил этади. Ижтимоий нафақалар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва компенсациялар тўлаш учун сарфланадиган харажатлар 5,2 трлн сўмни ташкил этади, бу эса 2018 йилга нисбатан 61,8%га кўпроқдир.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан 478 та аҳоли пунктида яшаш шароитларини яхшилашга 6,3 трлн сўм йўналтирилади. 2019 йилда Давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,1% миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, 2019 йилда юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини 14%дан 12%гача, тижорат банклари учун 22%дан 20%гача пасайтириш назарда тутилмоқда. Меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юки ҳам барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасини 12% миқдорида жорий этиш орқали камайтирилади, шундан 0,1%и шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтирилади. Бундан ташқари, фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадалларини бекор қилиш назарда тутилган.

2019 йилда иш ҳақи, пенсиялар, ижтимоий тўловлар ва стипендияларни ҳар ярим йилда аввалги йилдаги инфляция даражасидан паст бўлмаган миқдорда ошириш таклиф этилди. 2019 йил 1 январдан бошлаб ижтимоий нафақалар миқдорларини мутлақ суммада белгилаш назарда тутилмоқда.

 

Сурат манбаи: http://senat.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: