Ўзбекистон Сенати касаба уюшмалари тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Тошкент. 13 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати (парламентнинг юқори палатаси) “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонунни маъқуллади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) тегишли қарорга асосланган ҳолда.
Ушбу хужжат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган ва парламентга киритилган.
“Амалдаги қонунга киритилиши назарда тутилган ўзгартиш ва қўшимчалар касаба уюшмалари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга, қонуннинг амалда қўлланиш амалиётини таҳлил қилиш натижасида аниқланган эскирган нормалар, қоидалар ва нуқсонларни бартараф этишга, фойдаланилаётган тушунчалар ва атамаларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлашга, қонуннинг айрим нормаларини янги қабул қилинган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштиришга қаратилган”, - деб таъкидлашди Сенат матбуот хизматида.
Бундан ташқари, хужжатда ҳозирги замон талабларини инобатга олган ҳолда, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар ишлайдиган жойларда, шунингдек, тармоқлар ва ҳудудлар даражасида касаба уюшмалари ташкилотларини тузиш ва фаолиятини таъминлаш тартиби белгиланди.
Касаба уюшмалари органларининг сайлаб қўйиладиган лавозимларига сайланиши муносабати билан ишдан озод этилган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя қилиш кафолатлари кучайтирилди. Ходимларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг ролини оширишга қаратилган бошқа ташкилий-ҳуқуқий механизмлар мустаҳкамланди.
Олий Мажлис Сенати аъзоларининг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши ижтимоий-меҳнат соҳасида касаба уюшмалари фаолияти эркинлигининг кафолатланишини таъминлашга хизмат қилади, ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилашга, ижтимоий-меҳнат соҳасида қонунийликни таъминлашга ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.