Ўзбекистон Сенати “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни маъқулладилар

Дата: 17:42, 26-08-2016.

Тошкент. 26 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон сенаторлари “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни маъқулладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

У Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси иккинчи иш кунида кўриб чиқилди.

Сенат матбуот хизмати маълумотларига кўра, ушбу қонун меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштиришга, ташкилотларда иш берувчилар ва ходимларнинг ушбу соҳага доир талабларни бажариш бўйича масъулиятини кучайтиришга қаратилганлиги таъкидланди.

Шунингдек, қонун билан меҳнат шароити ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли шароитлар яратилиши устидан назоратни таъминлашга доир вазифаларини белгилашга, ушбу соҳадаги жамоат назорати самарадорлигини оширишга, ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитларида амалдаги қонуннинг айрим нормаларини янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқлаштириш бўйича ваколатлари белгилаб берилган.

Ҳуқуқий хужжатга янги тушунчалар киритилди, иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш, меҳнатнинг муҳофаза қилинишини бошқариш тизими аудити, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касаллигига чалинишни текшириш ҳамда ҳисобга олиш масалалари аниқ тартибга солинмоқда.

Ушбу соҳада жамоат назоратини амалга оширишда кенг жамоатчилик ва касаба уюшмалари иштирокининг аниқ механизмлари белгиланмоқда, уларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолият билан бевосита боғлиқ бўлган ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Маълумот ўрнида, 24-25 августда Тошкентда Олий  Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: