Ўзбекистон Сенати қонунларни кўриб чиқади ва вазирларни тинглайди

Дата: 16:35, 10-04-2014.

Тошкент. 10 апрель. ЎзТАГ – Бугун эрталаб Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Сенатининг ўн тўртинчи пленар мажлиси очилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Сенат матбуот хизмати хабарига кўра, ялпи мажлисда муҳим масалалардан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида парламент муҳокамасига киритилган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқишдан иборат бўлади.
Шунингдек, Сенат пленар йиғилишида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги (янги таҳрирда), “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги, Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги низомни (янги таҳрирда) тасдиқлаш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлар ҳам кўриб чиқилади.
Ялпи мажлисда Ҳисоб палатасининг, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2013 йилда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар фаолиятидаги қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: