Ўзбекистон Сенати суриштирув институтини жиноят-процессуал қонунчиликдан чиқариб ташлади
Тошкент. 28 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Сенати суриштирув институтини жиноят-процессуал қонунчиликдан чиқариб ташлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу меъёр 24 августда сенаторлар томонидан маъқулланган “Суриштирув институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда мавжуд. Хужжат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи йиғилиши кун тартибига киритилган эди.
Сенат маълумотларига кўра, ўзгартишлар амалда терговга қадар текширув институтини такрорлайдиган суриштирув институтини жиноят-процессуал қонун ҳужжатларидан олиб ташлаш назарда тутади. Шунингдек, қонун жамиятга катта хавф солмайдиган жиноятлар тўғрисидаги ишларни судга қадар юритишнинг соддалаштирилган тартибини белгилаб беради.
Суриштирув юритиш ҳуқуқи ички ишлар органларига, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига ва давлат божхона хизмати органларига берилмоқда.
Қонун билан ижтимоий хавфли бир қанча жиноятларни ички ишлар органларидан прокуратура органлари терговига ўтказиш назарда тутилмоқда.


