Ўзбекистон Сенати томонидан 2018 йилги Давлат бюджети тасдиқланди

Дата: 10:26, 21-12-2017.

Тошкент. 21 декабр. ЎзТАГ – 20 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан мамлакатнинг 2018 йилги Давлат бюджети тасдиқланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

  Ҳужжат Ўзбекистон парламенти юқори палатасининг ўн учинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилди.

Парламент матбуот хизмати маълумотларига кўра, 2018 йилга мўлжалланган давлат бюджети халқаро молия институтлари томонидан тан олинган макроиқтисодий кўрсаткичлар, нарх индекслари асосида тузилган. Жумладан, 2018 йилда ЯИМ 290,6 триллион сўм миқдорида бўлиши, ЯИМ дефлятори 14,1%ни ташкил этиши, истеъмол нархлари индекси 12-13% бўлиши кутилмоқда. Давлат бюджетининг параметрлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,02% профицит билан бажарилиши кутилмоқда.

 2018 йилги солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари солиқ юки янада камайтирилишини, бир хил солиққа тортиш базасига эга солиқ ва мажбурий тўловлар миқдорининг қисқартирилишини, маҳаллий бюджетларнинг даромад базаси мустаҳкамланишини ва уларнинг мустақиллиги оширилишини, ресурслардан оқилона фойдаланилишини ҳамда бюджетга тушумларнинг тўлиқ тушиши таъминланишини кўзда тутади.

Хусусан, якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари ўртача 30 фоизга камайтирилиши назарда тутилмоқда, бу эса, ўз навбатида, аҳолининг тадбиркорликка интилишини янада оширишга олиб келади.

Хусусан, 2018 йилда ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатлар 34,7 триллион сўмни ташкил этади. Қабул қилинган давлат дастурларини амалга оширишга эса 8,5 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш таклиф этилмоқда.

Мактабгача таълим муассасаларини жиҳозлашга 815 миллиард сўм ёки 2017 йилдагига нисбатан қарийб 3 баробар кўпроқ маблағ йўналтириш режалаштирилмоқда. 48 та олий таълим муассасасининг моддий-техника базасини яхшилашга 559,1 миллиард сўм ёки 2017 йилдагига нисбатан 1,5 баробар кўп маблағ ажратиш кўзда тутилган.

296 та тиббиёт муассасасини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларига 803,6 миллиард сўм йўналтирилади.

Соғлиқни сақлаш муассасаларининг дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминланганлик даражасини ошириш мақсадида 915,4 миллиард сўм ҳажмида ёки 2017 йил параметрларида назарда тутилганидан 2,5 баробар кўп маблағ йўналтирилади.

Уй-жой коммунал ишларини бажариш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу ишларга 230,3 миллиард сўм ажратилади, шу жумладан, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларни ободонлаштиришга 47,2 миллиард сўм, кўп қаватли турар жой фондининг лифт ускуналарини таъмирлаш ва янгиларига алмаштиришга 22,4 миллиард сўм йўналтирилади.

$1=8101,62 сўм

Сурат манбаи: http://online7days.com/index.php/forex-trading/

Янгилик билан ўртоқлашиш: