Ўзбекистон Сенати томонидан “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун маъқулланди

Дата: 14:43, 21-12-2017.

Тошкент. 21 декабр. ЎзТАГ – 20 декабрда Ўзбекистон парламенти юқори палатасининг ялпи мажлисида “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун маъқулланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Парламент матбуот хизмати маълумотларига кўра, сенаторлар ушбу қонун ижро ҳокимияти органлари фаолиятининг замонавий ташкилий-ҳуқуқий шаклларини жорий қилиш, ички идоравий назорат механизмини кучайтириш, давлат бошқаруви соҳасида расмиятчилик ва суиистеъмолчиликка чек қўйиш, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатишнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий қилишга қаратилганлиги таъкидланди.

Қонунда маъмурий тартиб-таомилларнинг умумий қоидалари белгиланган. Хусусан, давлат органлари ва фуқаролар, ташкилотларнинг ҳамкорлигини акс эттирувчи маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий тамойиллари кўрсатилмоқда.

 Қонунда ишларни кўриб чиқиш ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилишнинг аниқ тартиби, маъмурий ҳужжатни бекор қилиш, ўзгартириш ёки қонуний кучга эга бўлмаган деб тан олиш учун асослар, норози бўлиб шикоят аризаси беришнинг умумий тамойиллари мустаҳкамлаб қўйилган.

Маъмурий ишларнинг тааллуқлиги, идоралараро ўзаро ҳамкорлик, маъмурий иш юритишда вакиллик, ворислик, далиллар, маъмурий иш юритиш муддатлари ва маъмурий ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ харажатлар тўғрисидаги низомлар назарда тутилмоқда. Маъмурий иш юритиш иштирокчилари, шунингдек, маъмурий ишни ҳал қилишга кўмаклашувчи шахслар тоифалари, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари батафсил белгилаб берилмоқда.

 

Сурат манбаи: https://www.trend.az/casia/uzbekistan/2697095.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: