Ўзбекистон Сенатида экологик муассасанинг ҳисоботи тингланди

Дата: 17:08, 04-04-2016.

Тошкент. 4 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Сенатида экологик муассасанинг ҳисоботи тингланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ва биологик ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни тиклаш юзасидан 14та минтақавий дастур таклиф этилди ва ҳукумат томонидан маъқулланди.   

Ушбу маълумотлар Марказий банкнинг Олий Мажлис Сенатининг 1 апрелдаги бешинчи ялпи йиғилишида кўриб чиқилган ҳисоботида келтирилди. 

Сенат матбуот хизматидан маълум қилишларича, Экологик назорат тўғрисида»ги қонунни ижро этиш мақсадида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ташаббусига кўра жамоат экологик назоратини амалга ошириш юзасидан бир қатор амалий чора-тадбирлар кўрилди.  

Бу эса атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлиги самарадорлигини оширишга, табиатдан фойдаланувчиларнинг табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасидаги жавобгарлигини кучайтиришга кўмаклашди.

2013-2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастурини, шунингдек, унинг асосида қабул қилинган ҳудудий дастурларни рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилди.

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан табиий муҳит ифлосланишини мониторинг қилиш ва баҳолаш тизимини такомиллаштириш, чиқиндиларни бошқариш, қўриқланадиган табиий ҳудудлар тизимини, экологик туризмни, қайта тикланадиган энергетикани ва бошқа муҳим йўналишларни ривожлантириш каби муҳим соҳаларда халқаро ҳамкорлик ривожлантирилди.

Натижасида табиатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий база мустаҳкамланди, кичик ва ўрта бизнес зиммасига тушадиган юк камайтирилди, тармоқлараро бошқарув такомиллаштирилди.

Ҳисоботни муҳокама қилиш чоғида сенаторлар Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятининг самарадорлигини – ҳам давлат экологик назоратининг, ҳам жамият экологик назоратининг таъсирчанлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар кўриш юзасидан таклиф ва тавсияларни билдирдилар. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: