Ўзбекистон сенаторлари мансабдор шахсларга сўровлар йўлладилар

Дата: 16:36, 26-08-2016.

Тошкент. 26 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон сенаторлари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига парламент сўровларини юбориш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

У Сенат олтинчи ялпи мажлисининг иккинчи иш кунида кўриб чиқилди.

Юқори палата матбуот хизмати маълумотларига кўра, сенаторлар бош вазир ўринбосари Б.Зокировга кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини яхшилашда маҳаллий давлат бошқаруви органларининг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини ошириш тўғрисидаги масала ҳақидаги парламент сўрови юбордилар.

Бундан ташқари, “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси бошлиғи Б.Ғуломовга аҳоли ва ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, саноат хавфсизлиги ва радиация хавфсизлиги соҳасидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши тўғрисидаги масала юзасидан парламент сўрови юборилди.

Маданият ва спорт ишлари вазири Б.Аҳмедовга мамлакатда театр санъатини ривожлантириш, театр муассасаларининг моддий-техник базасини, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, халқимиз тарихининг энг ёрқин саҳифаларини акс эттирувчи саҳна асарларини яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги масала бўйича парламент сўрови юборилди.

Сенатнинг икки кунлик мажлисида 10 масала, шу жумладан, 6 қонун кўриб чиқилди.

Маълумот ўрнида, 24-25 августда Тошкентда Олий  Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: