Ўзбекистон сенаторлари пойтахт туманини қайта номладилар, конституцион ва олий судлар раисларини сайладилар

Дата: 13:00, 02-09-2014.

Тошкент. 2 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи пленар мажлисида сенаторлар Тошкентнинг Ҳамза туманини қайта номладилар ҳамда Конституцион суд раиси ва унинг ўринбосари, Олий суд раисини сайладилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Муҳокамалар якунлари бўйича сенаторлар Тошкентнинг Ҳамза туманини Яшнобод тумани деб қайта номлаш ҳақида қарор қабул қилдилар.

Ушбу ташаббус мамлакат ҳукуматига тегишли бўлиб, сенаторлар қарорига қадар эса аҳоли, жамоатчилик ташкилотлари вакиллари томонидан фуқаролар йиғинлари йиғилишларида олдиндан муҳокамалар ўтказилди. 1968 йилда ташкил этилган Ҳамза тумани аҳолисининг сони 204,1 минг кишини ташкил этади.

Шунингдек, Ўзбекистон сенаторлари бунга қадар Олий суд раиси ўринбосари вазифасида ишлаб келган Шоюнус Ғозиевни Олий суд раиси этиб сайладилар. Илгари Конституцион суд раиси ўринбосари лавозимида бўлган Бахтиёр Мирбобоев эса Конституцион суднинг раиси этиб сайланди.

Эслатиб ўтамизки, икки кунлик пленар йиғилиш давомида сенаторлар 15 масала, шу жумладан, 4 қонунни кўриб чиқдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: