Ўзбекистон Сеулда “Корея Республикаси-Марказий Осиё” ҳамкорлиги форумида иштирок этди

Дата: 14:52, 17-11-2016.

Тошкент. 17 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон делегацияси 15-16 ноябрда Сеулда ташқи ишлар вазирлари даражасида бўлиб ўтган “Корея Республикаси-Марказий Осиё” ҳамкорлиги форумида иштирок этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

ТИВ маълумотларига кўра, жорий йилда форум 10 марта ўтказилди. Корея Республикаси ва Марказий Осиёнинг беш мамлакати вакиллари кўп томонлама ҳамкорликнинг ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Таъкидлангани каби, мазкур форум ташкил қилинганидан буён ўтган 10 йил давомида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, инновация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда Корея Республикаси ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалаларини кўриб чиқиш учун самарали майдонга айланди.

Тадбир доирасида “электрон ҳукумат” ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорлик бўйича мавзулашган сессиялар бўлиб ўтди.

Мажлис якунларига кўра Декларация қабул қилинди ҳамда 2017 йилдан бошлаб ҳамкорлик бўйича “Корея Республикаси – Марказий Осиё” Форуми Котибияти иш бошлаши эълон қилинди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: