Ўзбекистон ШҲТ доирасида эркин савдо ҳудудига тайёр эмас – Рустам Азимов

Дата: 20:37, 16-12-2015.

Тошкент. 16 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўрибосари, молия вазири Рустам Азимов Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) доирасида эркин савдо ҳудуди яратиш таклифини кўриб чиқишга тайёр эмаслигини баён қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Баёнот 2015 йил 14-15 декабрда Р.Азимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Хитойнинг Чжэнчжоу шаҳрида (ХХР) ШҲТ аъзо давлатлар ҳукуматлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида қилинди.

Бу ҳақида ТИВ “Жаҳон” ахборот агентлиги хабар қилмоқда.

Р.Азимов Ўзбекистон ШҲТ аъзо давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, қўшни бозорларда талабгир бўлган саноат маҳсулотлари етказиб беришни кенгайтириш тарафдорилигини таъкидлади.

“Шу билан боғлиқ ҳолда биз бугун қабул қилинаётган “2016-2021 йилларда ШҲТ аъзо давлатлар божхона хизматларининг ўзаро ҳамкорлик дастури”ни самарали таъминлашга муҳим аҳамият бермоқдамиз. Шу билан бирга, олдин очиқланган баёнотлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Ташкилот доирасида эркин савдо ҳудудини яратиш масаласини кўриб чиқишга тайёр эмас. Боз устига, давлат раҳбарлари томонидан Уфа саммитида тасдиқланган ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегиясида ҳамкорликнинг бу йўналиши кўзда тутилмаган”, - деди Р.Азимов.

“Биз мамлакатларимиз ўртасида инвестицион ҳамкорликни тубдан ривожлантириш, ўзаро манфаатли лойиҳалар ва дастурларни, энг аввало, юқоритехнологик соҳаларда, амалга оширишдан умидвормиз. Ушбу йўналишда бизда улкан салоҳият бор ва у ҳалигача етарли даражада ўзлаштирилмаган деб ҳисоблаймиз”, - деб таъкидлади ўзбек делегацияси раҳбари.

Шунингдек, у “ушбу контекстда ШҲТ Ишбилармонлик Кенгаши ва Банклараро бирлашмаси имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга муҳим аҳамият берилаётгани”ни қўшимча қилди.

Р.Азимовнинг фикрига кўра, ШҲТ доирасида транспорт коммуникацияларини ривожлантириш, “минтақа мамлакатлари улкан транзит салоҳиятини тубдан кенгайтириш” стратегик йўналишдир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: