Ўзбекистон шаҳарларида 7919 хонадонли 191 уй барпо этилмоқда

Дата: 15:58, 01-12-2017.

Тошкент. 1 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон шаҳарларида 7919 хонадонли 191 уй барпо этилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Жорий йилда шаҳарларда намунавий лойиҳалар асосида 7 минг 919 хонадонли 191 кўп қаватли уй қурилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрининг Сергели туманида 4 минг 88 квартирали 102 кўп қаватли арзон ва қулай уй-жой қурилмоқда. Мазкур хонадонлар учун уй-жойга муҳтож аҳоли ва ёш оилаларга 20 йил муддатга 751 миллиард сўм миқдорида имтиёзли ипотека кредитлари тақдим этилмоқда”, - дейилади Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг давлат раҳбари архитектура ва қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари юзасидан Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раҳбарларининг ҳисоботини тинглаган йиғилишдан келтирган хабарида. 

Таъкидланишича, бугунги кунда 70 уйнинг қурилиш ишлари якунланган. Жумладан, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида 9 қаватли 162 хонадонли 4 та ҳамда пойтахтимизнинг Сергели туманида 2 минг 576 квартирага мўлжалланган 66 та кўп қаватли уй қуриб битказилди ва хонадон эгаларига калитлар топширилди.

“Қолган кўп қаватли уй-жойларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 25 йиллик байрами арафасида ҳамда декабрь ойи охирига қадар фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Дастурни амалга ошириш натижасида 2017 йил 8 мингдан ортиқ шаҳар оилалари замонавий, шинам ва қулай хонадонларга эга бўлади”, - дейилади хабарда. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 октябрдаги қарорига мувофиқ, 2018-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурининг янгиланган параметрлари тасдиқланди. Унга кўра, келгуси йилларда қуриладиган уйлар сони 1,5-2 баробар кўпайтирилган. Хусусан, 2018 йил жами 15 минг 172 хонадонга эга бўлган 365 та кўп қаватли уй қуриш кўзда тутилган.

$1=8095,88 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: