Ўзбекистон Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази қиймати $500 минглик экологик совутиш тизими билан жиҳозланди

Дата: 15:02, 10-10-2017.

Тошкент. 10 октябр. ЎзТАГ – Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида табиий амиакда ишловчи ҳавони совутишнинг қайта янгиланган марказлашган тизими ишга туширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Унинг ташкилотчилар орасида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳафаза қилиш давлат қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Глобал экологик жамғарма ҳамкорлигида “Иқтисодиёти ўтиш давридаги мамалакатлар ҳудудида гидрохлорфторуглеродлардан фойдаланишни жадал қисқартиришнинг бирламчи бажарилиши – Ўзбекистон” лойиҳаси бор.

Лойиҳа маълумотларига кўра, озон емирувчи моддалардан фойдаланишни қисқартиришга қаратилган ушбу ҳамкорликдаги лойиҳанинг асосий йўналишларидан бири – ҳавони совутиш ва кондиционерлаш тизимида муқобил хладагентлар қўлланилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобланади.

Лойиҳа доирасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидаги озон қатламини бузувчи моддаларда ишловчи ускуналар табиий аммиак хладагентидан (NH3) фойдаланилувчи ускуналарга алмаштирилди.

Ўзбекистон 1993 йилдан буён Монреаль протоколи юзасидан олинган мажбуриятларни муваффақиятли бажариб келмоқда. Ушбу протокол талабларига кўра, унга аъзо мамлакатлар хлор, фтор, углерод синфига мансуб хладагентларнинг кимёвий моддаларини истеъмолдан чиқариб ташлаш, сўнг босқичма-босқич улардан фойдаланишни қисқартириш, 2030 йилга келиб мазкур синфга мансуб бўлган барча хладагентларни истеъмолдан чиқариш мажбуриятини олган.

Умумий қиймати $500 мингдан зиёдни ташкил этган мазкур лойиҳанинг ярмидан ортиғи Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарафидан молиялаштирилди.

Ўзбекистон ГЭЖга қўшилганидан сўнг 43 лойиҳа доирасида $264 млн грантлар олди. ГЭЖ-6 молия дастури доирасида Ўзбекистонда $18,4 млн ажратилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: