Ўзбекистон ўсимликларни карантин ва ҳимоя қилиш бўйича халқаро Конвенцияга қўшилди
Тошкент. 24 декабрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон карантин ва ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро Конвенцияга қўшилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 декабрь куни тегишли ҳужжатни имзолади. Ҳужжат 9 декабрь Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди ва Сенат томонидан 14 декабрь куни маъқулланди.
Ҳужжатнинг мақсади – ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолияти самарадорлигини ошириш ва миллий фитосанитария тизимини халқаро талабларга мувофиқлаштиришдан иборат.
Маълумот учун: Карантин ва ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро Конвенция – зарарли организмларнинг интродуктцияси ва тарқалишининг олдини олиш орқали экин ва ёввойи ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича 1952 йил шартномаси.
Бугунги кунда у 183 давлат томонидан имзоланган. Конвенция ўсимликлар ёки ўсимлик маҳсулотларининг барча трансчегаравий ўзгаришларига нисбатан қўлланилади.
Сурат манбаи: news.mail.ru