Ўзбекистон сиёсий партиялари президент сайловларида қатнашиш учун хужжат топшириб бўлдилар
Тошкент. 19 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон сиёсий партиялари президент сайловларида қатнашиш учун хужжат топшириб бўлдилар, дея хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Марказий сайлов комиссияси (МСК) сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.
Қонунчиликка мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида 6 ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган сиёсий партиялар эгадирлар.
Шанба, 17 январда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (президентликка номзод – Ислом Каримов), Ўзбекистон Халқ демократик партияси (Ҳотамжон Кетмонов), Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси (Акмал Саидов), Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси (Наримон Умаров) вакиллари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига зарур ҳужжатларни тақдим қилдилар. Булар - сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза, Адлия вазирлигининг сиёсий партия рўйхатга олинганлиги кўрсатилган маълумотномаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотлар.
“Ҳужжатлар тақдим этилгач, Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакилига ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана қайд этилган маълумотномани беради”, – деди МСК котиби К.Адилов. – “МСК тақдим этилган ҳужжатлар асосида беш кунлик муддат ичида сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилади ҳамда сиёсий партиянинг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномасини ва белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкаларини беради. Сайловда иштирок этувчи партияларнинг рўйхати аризалар келиб тушиш навбатига қараб матбуотда эълон қилинади”, - деб қўшимча қилди у.
Бундан олдинроқ, МКСнинг навбатдаги йиғилишида президент сайлови бўйича округ сайлов комиссиялари ва уларнинг шахсий таркиби тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилинган эди.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови шу йилнинг 29 март куни бўлиб ўтади.
Ўзбекистондаги бундан олдинги президент сайловлари 2007 йилда бўлиб ўтган, унинг якунларига кўра Ислом Каримов 7 йил муддатга давлат раҳбари этиб сайланган эди. У мамлакатни 1989 йилдан бери бошқариб келмоқда.


