Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси вице-президенти бўлди

Дата: 14:37, 21-05-2019.

Тошкент. 21 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов жаҳон соғлиқни сақлаш Ассамблеяси (ЖСА) вице-президенти бўлди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"20 май куни Женева шаҳрида ЖСАнинг 72 сессияси ўз ишини бошлади. Унинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақасидаги вице-президенти этиб Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов сайланди", - дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини сақлаш ва янада яхшилаш, соғлом авлодни тарбиялаш учун шарт-шароитларни шакллантириш ва профилактика тиббиётини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эътироф этилаётганидан далолатдир.

Таъкидланишича, Ўзбекистон дунёдаги саноқли давлатлар қаторида ўз ҳудудида безгакни тўлиқ бартараф этишга эришган.

Бундан ташқари, тадбир доирасида Ўзбекистон делегациясининг пленар сессиясидаги чиқиши, шунингдек, ЖСА раҳбарияти ва хорижий давлатлар делегациялари раҳбарлари билан соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг устувор масалаларини муҳокама қилиш учун икки томонлама учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.

ЖСА сессияси 28 майгача давом этади.

Сурат манбаи: kun.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: