Ўзбекистон солиқ хизматининг уч ходими ишдан ҳайдалди
Тошкент. 16 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари иштирокида Ҳайъатнинг кенгайтирилган селектор йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Йиғилиш давомида фаолиятида камчиликларга йўл қўйган 3 нафар раҳбар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 23 нафарига нисбатан тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилганлиги ҳақида эълон қилинди”, - деб хабар беради Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати.
Йиғилиш доирасида нақд пул тушумларининг тўлиқ банк кассаларига топширилишини таъминлаш, нақд пул маблағларининг банкдан ташқари ноқонуний айланишини қисқартириш борасидаги камчиликларни бартараф этиш, шунингдек белгиланган топшириқлар ижросини ташкил қилиш борасидаги муҳим вазифалар муҳокама қилинди.