Ўзбекистон солиқ тўловчилари порталида янги имкониятлар пайдо бўлди

Дата: 17:32, 18-05-2016.

Тошкент. 18 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон солиқ тўловчилари портали my.soIiq.uzда  ҳозирда 31та электрон давлат хизматлари, шу жумладан, 18та интерактив ва 13та ахборот хизматлари жойлаштирилган. Бундан ташқари, фойдаланувчиларга 27 турдаги очиқ маълумотлардан фойдаланиш имконияти ҳам яратилган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар Давлат солиқ қўмитаси (ДСҚ) томонидан ташкил этилиб, республика бўйича жами 800дан ортиқ иштирокчи қатнашган видео-семинарда очиқланди.

 ДСҚ хабар беришларича, порталда юридик ва жисмоний шахсларнинг “Шахсий кабинет”лари янада қулай кўринишда қайта ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркорлар учун алоҳида “Шахсий кабинет” жорий этилди.

Янги портал орқали солиқларни мустақил равишда ҳисоблаб чиқариш, ҳисобот ва солиқ декларацияларини юбориш, расмий тушунтиришлар ва 14 хил турдаги маълумотномаларни олиш мумкин.

Тадбиркорлик субектлари барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни онлайн режимида тўлашлари мумкин. Агар ҳисоб-рақамда пул миқдори етарли бўлмаса, тўлов топшириқномаси 2-сонли картотекага жойлаштирилиб, бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасига электрон хабарнома юборилади.

Бугунги кунда республикамизда ўз солиқларини шахсий кабинет орқали тўлаш имкониятидан 110 мингдан ортиқ тадбиркорлик субектлари самарали фойдаланиб келишмоқда ва шу пайтгача жами 882 млрд сўмлик солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар масофадан туриб тўланди.

Жорий йилнинг 1 майидан бошлаб тизимда яъни корхона ва ташкилотларда ишловчи ходимларнинг мол-мулк ва ер солиқларидан бўлган қарздорликлари ёки жорий йил учун ҳисобланган маҳаллий солиқларини шахсий кабинет орқали онлайн тўлаш имконияти яратилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: