Ўзбекистон спортнинг тўрт тури бўйича мусобақалар форматини ўзгартирмоқда
Тошкент. 9 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда спортнинг дзюдо, спорт кураши, бокс, таэквондо WTF турлари бўйича мусобақалар форматини ўзгартирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақида Ўзбекистон Миллий олимпиа қўмитаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида сўз кетди.
Муҳокамада Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов, МОҚ бош котиби Жасур Матчанов, тўрт федерация вакиллари, тренер, спортчилар қатнашдилар.
Турнирларнинг янги форматига мувофиқ, Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида спортнинг ушбу тўрт тури бўйича терма жамоалар ташкил этилади. Ҳудудий мусобақалар доира тизимида ўтказилади.
Финалга чиққан 4 ҳудудий жамоалар ҳам ушбу тизимда беллашадилар. Ҳар бир тур бўйича энг кўп очко олган жамоа ғолибга айланади. Ҳар бир турнинг ўзига хосликларидан келиб чиқиб, мусобақалар ёшлар ва катталар орасида ўтказилади.
Турнирларнинг янги форматидан кўзланган мақсад вилоятларда юқоридаги спорт турлари бўйича термаларни шакллантириш, миллий терма учун муносиб спортчиларни тайёрлашдан иборат.
Турнирларнинг янги форматини ташкил қилиш доирасида АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Япония, Корея, Россия, Германия каби давлатларнинг энг яхши тажрибалари ўрганилди.
Янги форматдаги турнирлар жорий ойда бошланади, биринчи босқичи эса май ойигача бўлиб ўтади. Сентябр-ноябрда эса финал мусобақалар бўлиб ўтади.
Сурат манбаи: https://mytashkent.uz/2015/02/15/novoe-zdanie-natsionalnogo-olimpijskogo-komiteta-uzbekistana/