Ўзбекистон ССП тадбиркорларни болгариялик ҳамкасблари билан ишбилармонлик алоқалари ўрнатишга таклиф этди

Дата: 17:52, 23-09-2015.

Тошкент. 23 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси (ССП) тадбиркорларни болгариялик ҳамкасблари билан ишбилармонлик алоқалари ўрнатишга таклиф этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ССП сайтидаги маълумотга кўра, ҳозирда Болгария Республикаси ишбилармон доираларининг Ўзбекистон Республикасига ташрифини уюштириш масаласи ишлаб чиқилмоқда. Ташриф 2015 йил 28 сентябр-2 октябр кунлари ўтказилиб, делегация таркибига Болгария ўрта ва кичик корхоналарини қўллаб-қувватлаш агентлиги вакиллари, фармацевтика, тиббий техника ва текстил ишлаб чиқарувчи компаниялар вакиллари киради.

Ташрифдан кўзланган мақсад – “UZMEDEXPO 2015” халқаро кўргазмасига ташриф буюриш, бизнес-форум, b2b учрашувлар ўтказиш, республика тармоқ корхоналарига ташриф буюриш ва ҳамкорлик музокаралари ўтказишдан иборат.

Шунингдек, ташриф давомида бизнес-форум ва иккитомонлама музокаралар ўтказиш ҳам режалаштирилган. Ушбу тадбир 30 сентябрда ССПнинг конференц-залида бўлиб ўтади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: