Ўзбекистон ССП ва Германиянинг ССПлари ҳамкорлик битими имзоладилар

Дата: 13:27, 15-01-2019.

Тошкент. 15 январ. ЎзТАГ – 14 январда Берлиндаги ўзбек-немис бизнес-форуми доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Германиянинг Савдо-саноат палаталари ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон ССП матбуот хизматининг хабар беришича, тадбир давомида инвестиция салоҳияти ва чет эл компанияларининг Ўзбекистон бозорига кириши учун тақдим этилаётган шарт-шароитларга бағишланган суҳбат бўлиб ўтди, шунингдек, ўзбек ва немис тадбиркорлари ўртасида B2B-форматидаги алоҳида музокаралар ўтказилди.

Савдо-саноат палатаси делегацияси форумда қишлоқ хўжалиги, муҳандислик, консалтинг, логистика, тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё, тоғ-кон саноати, шиша саноати каби соҳалардаги компаниялар таркибида иштирок этди.

“Тадбир доирасида Ўзбекистон ССП ва Германия ССП Ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган бўлиб, у ўзбек ва немис компанияларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, савдо-саноат палаталари тизимини ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш бўйича биргаликдаги чора-тадбирларни қабул қилишни назарда тутади”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 14 январ куни Берлинда бўлиб ўтган бизнес-форум якунлари бўйича Ўзбекистон ва Германия $4 млрд шартномалар имзоладилар.

2018 йил якунлари бўйича Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми $772 млнга тенг бўлиб, 2017 йилга нисбатан 24,5%га ўсди. Шу билан бирга, асосий қисми хизматлар ва озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат Ўзбекистондан Германияга экспорт 44,6%га ортиб, $46,9 млнни ташкил этди. Германиядан импорт $725 млнни ташкил этди, шундан 76% ускунани сотиб олишга тўғри келади.

 

Сурат манбаи: http://www.chamber.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: