Ўзбекистон ССВ раҳбари БССТ янги бош директори билан учрашди

Дата: 21:00, 26-05-2017.

Тошкент. 26 май. ЎзТАГ – Женевада Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (БССТ) янги бош директори Тедрос Гебрейесус билан учрашув ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Учрашув 22-31 май кунлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 70-сессияси доирасида ўтказилди.

Ўзбекистон ССВ маълумотларига кўра, сессия кун тартибига кўра, 23 май куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига янги раҳбар сайланди. Бу лавозимга ЖССТга аъзо давлатлар томонидан Эфиопиялик номзод, мазкур мамлакатнинг соғлиқни сақлаш ва ташқи ишлар бўйича собиқ вазири 52 ёшли Тедрос Гебрейесус сайланди.

Янги раҳбар ўз ишини 2017 йилнинг 1 июлидан бошлайди.

Алоҳида суҳбат давомида Т.Гебрейесус ўзи олиб борган сайловолди кампаниясида илгари сурган ғояларининг асосий қисми Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган устувор мақсадлар билан ўзаро мос келишини таъкидлади. Шунингдек, у Ўзбекистон ва БССТ ўртасида Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қилувчи кўп томонлама ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳар доим тайёрлигини билдирди.

БССТнинг янги раҳбарига мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар даражасининг оширилаётгани, шунингдек, соҳада қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, истиқболдаги режалар ва дастурлар ҳақида маълумот берилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: