Ўзбекистон суғурта бозори 21,2% ўсди
Тошкент. 5 июн. ЎзТАГ – 2015 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистон суғурта бозори 2014 йилнинг муқобил даврига солиштирганда 21,2% ўсди. Ҳисобот даврида 134,1 млрд сўм суғурта мукофотлари йиғилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
SAIPRO ахборот-рейтинг агентлигидан хабар қилишларича, мажбурий суғурта турлари бўйича суғурта мукофотлари ҳажми тезроқ ўсди. Хусусан, кўрсатилган муддатда мажбурий суғурта турлари бўйича мукофотлар ялпи ҳажми 26% ўсиб, 44,9 млрд сўмга етди.
Кўнгилли суғурта турлари бўйича мукофотлар 19% ўсиб, 89,2 млрд сўмни ташкил қилди. Натижада мажбурий суғурта улуши 33,5%, кўнгилли суғурта улуши ялпи мукофотлар ҳажмида 66,5% ташкил қилди.
Биринчи чорак якунлари бўйича суғурта компаниялари томонидан олинган суғурта мажбуриятлари 54,2% ўсиб, 237 трлн сўмга етди.
Хусусан, кўнгили суғурта турлари бўйича мажбуриятлар миқдори 189 трлн сўмни ташкил этди (+62,2%). Мажбурий суғуртатурлари бўйича суғурта мажбуриятлари 48 трлн сўмни ташкил қилди (29%).
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон бозорида 31 суғуртачи фаолият юритади. Улардан 3 компания ҳаётни суғурта қилиш соҳасида, қолганлари умумий суғурта соҳасида ишлайди.