Ўзбекистон сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларида конструктив ва яратувчилик ҳамкорлиги тарафдори – Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси
Тошкент. 10 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларида конструктив ва яратувчилик ҳамкорлиги тарафдори. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Абдусаматов маълум қилди.
“Ўзбекистон сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларида конструктив ва яратувчилик ҳамкорлиги тарафдори. Биз трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланишга доир халқаро сув конвенцияларида белгиланган адолатли меъёрларга амал қилиш, ҳавзадаги бошқа мамлакатлар манфаатларига зарар келтирмаслик ва уларни ҳисобга олиш сувдан биргаликда фойдаланишнинг асоси бўлиши зарурлиги тарафдоримиз”, - деди Б.Абдусаматов “Марказий Осиёда сув ва яхши қўшничилик муносабатлари” конференциясида.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари конференциядаги чиқишида бугунда жаҳон ҳамжамияти Минг йиллик мақсадларини амалга оширишнинг якунловчи боқичида ва 2030 йилга қадар барқарор ривожланиш мақсадларини қабул қилиш арафасидалиги, унда эса сув асосий ўринлардан бирида туришини таъкидлаб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг сўзларига кўра, Марказий Осиё учун чегараланган сув ресурсларидан оқилона фойдаланишсиз юқоридаги мақсадларнинг ҳеч бирига етиш мумкин эмас. Чунки сув ҳудудда аҳоли соғлиги, бандлиги, экотизимини, ижтимоий-иқтисодий ривожини таъминлашнинг ҳал қилувчи омилидир.
Б.Абдусаматов трансчегаравий дарёлар юқорисида йирик гидротехник иншоотларнинг қурилиши ялпи сув танқислиги, ҳалокатли экологик, иқтисоди ва ижтимоий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳам таъкидлаб ўтди.
Ўзбек делегацияси раҳбарининг фикрига кўра, бу ҳолатда трансчегаравий дарёларнинг экологик ва сув балансини сақлаш жуда муҳим. Минтақа сув артерияларида йирик кўламли лойиҳаларни амалга ошириш мустақил, профессионал халқаро экспертиза ўтказилган ҳолда ва қўшни давлатлар билан келишилган ҳолда амалга оширилиши зарур.
Эслатиб ўтамизки, 2015 йил 7-8 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Абдусаматов бошлиқ Ўзбекистон Республикаси делегацияси Берлинда “Марказий Осиёда сув ва яхши қўшничилик муносабатлари” номли конференцияда қатнашган.


