Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Венгрия элчиси билан учрашди

Дата: 22:34, 14-03-2016.

Тошкент. 14 март. ЎзТАГ - Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Венгриянинг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Петер Санто билан учрашди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Вазир Элчининг ишонч ёрлиқлари нусхасини қабул қилди ва уни юқори лавозимга тайинлангани ҳамда Тошкент шаҳрида Венгрия Элчихонаси фаолият юрита бошлагани билан табриклади”, - дейилади муассаса хабарида.

Суҳбат чоғида таъкидланганидек, икки давлат ҳам дипломатик миссия очилишини ҳамкорликнинг барча соҳаларида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун мавжуд улкан салоҳиятни изчил ва комплекс амалга ошириш имконияти деб ҳисоблайдилар.

Икки томон давлат тузилмалари ва ишбилармон доиралари вакиллари савдо-иқтисодий, инвестицион ҳамкорликни фаоллаштиришдан, жумладан иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия мажлисларини ўтказиш орқали алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдорлиги айтиб ўтилди.

Учрашувда баъзи халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: