Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Қатар элчиси билан учрашди
Тошкент. 16 декабр. ЎзТАГ – Кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Қатар Давлатининг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси (қароргоҳи Теҳрон шаҳрида) Али бин Ҳамад Али ал-Сулайтини қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ташқи сиёсий муассаса матбуот хизмати хабарига кўра, элчи Ўзбекистон Республикаси Президенти номига йўлланган ишонч ёрлиқларини топширди.
Мулоқот давомида икки давлат муносабатларини, жумладан БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳамда бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги алоқаларни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди.
“Элчи ўз давлати раҳбариятининг Ўзбекистон билан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга тайёрлигини қайд этди. Али бин Ҳамад Али ал-Сулайти таъкидлаганидек, Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобини араб тилида Доҳа шаҳрида нашр этилиши Қатарда Ўзбекистонга бўлган катта қизиқиш ва мамлакатимиз Президентига ҳурматнинг яна бир исботидир”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, учрашувда баъзи халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди.