Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири БААлик ҳамкасби билан учрашди

Дата: 10:43, 25-05-2017.

Тошкент. 25 май. ЎзТАГ – 24-май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Тошкентга ташриф буюрган Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири Шайх Абдулла бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашди. Бу ҳақида ўзбек ташқи сиёсий муассаса матбуот хизмати хабар қилмоқда.

“Вазирлар диққати марказида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томон алоқаларини янада ривожлантиришнинг истиқболлари бўлди”, - дейилади хабарда.

Учрашувда халқаро ва минтақа кун тартиби масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

“Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари 2017-йил 21-майда Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити ҳамда 2016-йил 18-19-октябр кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси якунларини юқори баҳоладилар. Ушбу тадбирларда экстремизм ва терроризмга қарши туришни кучайтириш, бағрикенглик ғояларини тарғиб қилиш, хавфсизлик, барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган эди.

Таъкидланганидек, Тошкент форумида Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф қилинган маърифат ва таълим халқлар фаровонлигининг асосий факторларидан бири эканлиги ва инсонларда эзгу ишлар, яхшиликларга интилишни мустаҳкамлаши тўғрисидаги тезис Саудия Арабистони пойтахтидаги давлат ва ҳукумат раҳбарлари, 50дан ортиқ давлатлар, қатор етакчи халқаро ташкилотларнинг расмий вакиллари иштирок этган учрашувда ҳам ўз тасдиғини топди”, - дейилади хабарда.

Суҳбат чоғида томонларнинг турли даражадаги бўлажак Ўзбекистон-Амирликлар учрашувлари жадвалига доир таклифлари ҳам кўриб чиқилди.

“Музокаралар якунларига кўра вазирлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати ўртасида маданий ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланди”, - деб таъкидланади хабарда.

Суҳбатда БАА Элчиси Мохаммед Хареб Аль-Мехайриби иштирок этди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: