Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бухоро яҳудийларининг Бутунжаҳон конгресси делегациясини қабул қилди

Дата: 13:05, 14-02-2018.

Тошкент. 14 феврал. ЎзТАГ – 13-феврал куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатимизга ташриф буюрган Бухоро яҳудийларининг Бутунжаҳон конгресси (БЯБК) президенти, таниқли тадбиркор ва жамоат арбоби Лев Леваев бошчилигидаги делегациясини қабул қилди, деб хабар беради ўзбек ташқи сиёсий муассасасининг матбуот хизмати.

“Делегация таркибидан АҚШ ва Канаданинг Бухоро яҳудийлари конгресси раиси Борис Кандов, Россия Бухоро яҳудийлари конгресси раиси Яков Левиев ва бошқалар ўрин олган. Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган суҳбатда Ўзбекистон ва БЯБК ўртасидаги муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Учрашувда қайд этилганидек, халқларимизнинг ўзаро ҳамкорлиги узоқ тарихга эга бўлиб, кўп асрлар илгари ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яҳудий жамоалари пайдо бўлган даврга бориб тақалади. Асрлар давомида Бухоро яҳудийлари тинчлик ва тотувликда яшаб, ўзбек заминида ўз Ватанларини топдилар”, - дейилади хабарда.

Исроил, АҚШ ва бошқа мамлакатларда истиқомат қилаётган асли ўзбекистонлик яҳудийлар мамлакатимиз билан алоқаларини узмасдан, ўзбек халқига самимий ва чуқур ҳурмат ҳиссини сақлаётганлиги юртимизда юқори баҳоланади. Бу эса ўз навбатида халқларимиз фаровонлиги йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаш ва алоқаларни кенгайтириш имконини яратади.

“Турли даражалардаги ўзаро алмашинувларга доир масалаларни муҳокама қилиш чоғида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 12-февралда кучга кирган Фармонига мувофиқ Исроил фуқаролари учун 30 кунгача визасиз кириш тўғрисидаги низомини БЯБК делегацияси мамнуният билан қайд этди. Исроилда 100 мингдан ортиқ асли ўзбекистонлик яҳудийлар истиқомат қилади”, - дейилади хабарда.

Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Сурат манбаи: http://oravnervg.ru/index.php/o-nas/informatsiya-o-nas

Янгилик билан ўртоқлашиш: