Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Эрон билан “ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорликка” умид билдирди

Дата: 13:11, 11-05-2017.

Тошкент. 11 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Эрон билан “ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорликка” умид билдирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида ўзбек ташқи сиёсий муассасаси раҳбарининг эронлик ҳамкасби Муҳаммад Жавод Зарифга ёзган мактубида айтиб ўтилган. Ушбу мактуб Ўзбекистон ТИВ сайтида эълон қилинди.

 “Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлиши муносабати билан Сизга самимий табрикларимни йўллашдан бағоят мамнунман.

Ўтган чорак аср мобайнида икки мамлакат орасида азалий тарихий ва маданий яқинлик, тенглик ва дўстликка асосланган кенг миқёсли ва изчил ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганини алоҳида қайд этмоқчиман.

Сўнгги вақтда бўлиб ўтган икки томонлама делегациялар алмашуви ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорлигимиз истиқболларини белгилаб олишда муҳим қадам бўлди. Ишончим комилки, жорий йилда ўтказилиши мўлжалланган иккиёқлама тадбирлар алоқаларимиз ривожига катта ҳисса қўшади.

Ушбу фурсатдан фойдаланиб, Сизга мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, масъулиятли фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман”, - деб хулоса қилинади Камиловнинг мактубида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: