Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Италия ТИВ бош котиби билан учрашди

Дата: 17:26, 03-11-2015.

Тошкент. 3 ноябр. ЎзТАГ – Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов республикага ташриф буюрган Италия Республикасининг Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлиги бош котиби Микеле Валенсизени қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Учрашувда Ўзбекистон томони БМТ Хафвсизлик кенгашининг 2017-2018-йиллардаги нодоимий аъзолиги учун бўладиган сайловларда Италия номзодини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.

Суҳбатда савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор берилди. 5-6-ноябр кунлари бўлажак Тошкент Халқаро инвестиция форумида машинасозлик, энергетика ва бошқа ишлаб чиқариш соҳаларига ихтисослашган етакчи Италия компаниялари вакилларининг иштирок этиши икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилган алоқаларни фаоллаштиришга бўлган ўзаро қизиқиш ортганлигини гувоҳлик бериши айтиб ўтилди.

Давлатлар ўртасида таълим ва фан соҳаларида, Ўзбекистон ва Италия ўқув муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишда ижобий малака тўпланганлиги таъкидланди. Ўзбекистонда Турин политехника университетининг филиали очилгани мазкур йўналишдаги самарали ҳамкорлигимизнинг бир мисоли ҳисобланади.

Шунингдек, учрашувда томонлар баъзи халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Шу куннинг ўзида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Италия ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди бўлиб ўтди. Тадбир давомида икки томонлама ва халқаро аҳамиятга молик кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди.
Қўшма тадбирларда Италия Элчиси Риккардо Манара иштирок этди.

Эслатиб ўтамизки, икки мамлакат ўртасидаги дипломатик алоқалар 1992 йил 24 мартда ўрнатилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: