Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Марказий Осиё мамлакатлари дипломатик вакилликлари раҳбарларини қабул қилди

Дата: 17:02, 05-01-2018.

Тошкент. 5 январ. ЎзТАГ – 5 январда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Марказий Осиё мамлакатлари дипломатик вакилликлари раҳбарларини қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабарига асосланган ҳолда.

Хабарга кўра, қабулда Қирғизистон Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Дониёр Сидиқов, Тожикистон Республикаси - Содиқ Имомий, Туркманистон - Шири Шириев, Қозоғистон Республикасининг муваққат ишлар вакили Мурсал-Наби Туёқбоевлар қатнашишган. 

“Вазир Тошкент шаҳридаги дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ташаббусларни амалга оширишга доир таклифлари билан таништирди. Улар Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг сентябрида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида ва ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган халқаро конференцияда илгари сурилган эди”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, томонлар минтақавий кун тартибидаги бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Сурат манбаи: https://news.rambler.ru/person/kamilov-abdulaziz/

Янгилик билан ўртоқлашиш: