Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Раҳмат Оқилов ҳақида батафсил маълумот берди
Тошкент. 14 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Стокҳолм шаҳрида теракт содир этгани учун Швеция ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қўлга олинган Раҳмат Оқилов ҳақида батафсил маълумот берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Камилов бу маълумотни Халқаро пресс-клубнинг Тошкентда жума куни ўтказилган биринчи йиғилишида тақдим этди.
Унинг сўзларига кўра, Оқилов нисбатан Самарқанд ИИБ томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 127, 244 ва 244−1 моддлари бўйича жиноят иши очилган. Хусусан, у вояга етмаганларни жамиятга қарши ҳаракатга жалб этиш, жамоат хавфсизлиги ва тартибига хавф солувчи материаллар тайёрлаш ёки тарқатиш, экстремистик, сепаратистик, фундаментал ташкилотлар фаолиятида қатнашиш кабиларда айбланмоқда.
“Ҳорижда бўлган пайтида у интернет тармоғида “Ислом давлати” халқаро террористик ташкилоти томонидан ёлланган. Ватандошларини ИД сафида жанг қилиш учун Сурияга боришга чақирган. Интернет-мессенжерлар орқали Ўзбекистондаги яқинлари ва дўстларига террористик мазмундаги видеороликлар юборган”, - деб қўшимча қилди вазир.
Бундан олдинроқ, деди Камилов, Раҳмат Оқиловнинг қонунга хилоф ҳаракатлари ҳақидаги маълумотлар Европадаги ҳамкор давлатлардан бирининг махсус хизматига швед тарафини маълумотлантириш мақсадида юборилган.
“Ушбу факт терроризм ва экстремизм хавфи глобал характерга эгалиги, ва унга қарши туриш мувофиқлаштирилган ҳаракатларни талаб қилишини тасдиқлайди”, - деб таъкидлади ўзбек ташқи сиёсий муассасаси раҳбари.
Камилов қўлга олинган шахс Самарқанд вилоятида 1978 йилда туғилгани, 2014 йилда Стокҳолмга кетиб, у ерда қурилиш объектларида ишлаганини айтиб ўтди.