Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Туркия элчисидан ишонч ёрлиғини қабул қилди

Дата: 22:58, 28-12-2016.

Тошкент. 28 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Туркия Республикасининг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Аҳмет Башар Шенни қабул қилди, деб хабар беради чоршанба куни ТИВ матбуот хизмати.

Бўлиб ўтган мулоқот давомида ҳозирги пайтда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда анъанавий дўстлик ва шерикчиликка асосланган ҳамкорликни ривожлантиришга имкон берадиган конструктив ва очиқ муносабат ўрнатилганлиги қайд этилди.

“2016-йилнинг 17-18-ноябр кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия учрашувининг муваффақиятли якунлари бунинг яна бир бор исботидир. Шу нуқтайи назардан эришилган келишувларни амалга оширишга доир аниқ масалалар муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, учрашувда бўлажак икки томонлама алоқалар, жумладан вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларни ўтказиш вақтлари ва мазмуни юзасидан фикр алмашилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: