Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Япония элчиси билан учрашди

Дата: 15:47, 11-02-2016.

Тошкент. 11 феврал. ЎзТАГ – Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Япония Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Фумиҳико Като билан учрашди. Бу ҳақида ТИВ матбуот хизмати хабар қилмоқда.

“Суҳбат давомида давлатлараро муносабатларни ривожлантиришнинг устувор жабҳалари, Япония Бош вазирининг 2015-йил 24-26-октябр кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи ва Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан музокаралари чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, мулоқот чоғида жорий йилда режалаштирилган Ўзбекистон-Япония тадбирларининг амалий жиҳатлари, жумладан турли даражалардаги ташрифлар ва ҳамкорликнинг қўшма институтлари мажлисларининг муддатлари ҳамда, ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга йўналтирилган икки томонлама ҳужжатларнинг лойиҳалари кўриб чиқилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: