Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Аргентинанинг янги элчиси қабул қилинди

Дата: 14:45, 17-04-2018.

Тошкент. 17 апрел. ЎзТАГ – 16-апрел куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Аргентинанинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси (қароргоҳи Москва шаҳрида) этиб тайинланган Рикардо Эрнесто Лагориони қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ТИВ маълумотларига кўра, ишонч ёрлиқларини топшириш маросимидан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида турли соҳалардаги Ўзбекистон-Аргентина мулоқотини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, БМТ ва унинг тузилмалари доирасидаги алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Элчи 2018-йил 26-27-март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги юқори даражали халқаро конференциянинг муваффақиятли ва конструктив натижалари билан Ўзбекистон томонини табриклади.

 

Сурат манбаи: https://uzreport.news/politics/ricardo-ernesto-lagorio-appointed-ambassador-of-argentina-to-uzbekistan

Янгилик билан ўртоқлашиш: